Ассалому алайкум Қадрли ва муҳтарам тумандошлар, нуроний отахонлар!
Сизларни, туманимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми – муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Бу қутлуғ байрамда ҳаммамиз аввало шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз.
Оила, маҳалла ва жамият аҳлига меҳр ва эътибор кўрсатиш, кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд кишиларга беғараз ёрдам бериш, яхшилик, сабру қаноат каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно-мазмуни бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсатга ғоят уйғун ва ҳамоҳанг эканини, ўйлайманки, шу саодатли дамларда ҳар биримиз чуқур ҳис этмоқдамиз.
Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, фуқароларнинг эътиқод ва виждон эркинлигини таъминлаш йўлида мамлакатимизда қўлга киритилаётган ютуқлар ва уларнинг ҳаётдаги амалий ифодаси жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Барчамизга маълумки, халқимиз асрлар давомида эзгулик ва саховат ойи сифатида нишонлаб келган муборак Рамазон ойи ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитида муносиб ўтказилмоқда. Халимиз муқаддас Рамазон ҳайитини эртанги кунга катта ишонч ва хурсандчилик билан кутиб олмоқда.
Сўнги йилларда диний соҳага, жумладан Рамазон ҳайитини нишонлашга ҳамда диний қадриятларга бўлган юксак эътибордан халқимизда шукроналик руҳи тобора намоён бўлиб бормоқда.
Муҳтарам тумандошлар!
Ўзбекистонимиз янги тараққиёт босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда ўзгариш ва янгиланишлар кучайиб бораётгани, Рамазон ҳайити муносабати билан юртимизда беш кунлик дам олиш эълон қилингани бу йилги байрамга алоҳида файз ва тароват бағишламоқда.
Муборак ҳадисларда айтилганидек, икки дунё саодатини ўйлаб яшаган инсон, халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.
Эл-юртимизнинг шу муборак ойда қилган ибодатлари, эзгу ниятлари ижобат бўлсин!
Жонажон Ватанимиз, хонадонларимизда тинчлик, аҳиллик, файзу барака бардавом бўлсин!
Эзгу ишларимиз, интилишларимизда Яратганнинг Ўзи мададкор бўлсин!
Барчангизни муқаддас Рамазон ҳайити яна бир бор муборак бўлсин!
Бандихон туман ҳокими
Чориев Ўткир Абдузоирович
0 izox