|
2023 йилда Бандихон туманида амалга оширилган ишлар

2023 йилда Бандихон туманида амалга оширилган ишлар

Ассалому алайкум азиз тумандошлар!

Бундан уч-тўрт йил олдин туманимиз ишсизлик даражаси юқори бўлган, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаси деярли мавжуд бўлмаган Қизириқ туманининг узоқ ҳудудларидан бири эди.

Туманимиз қайта ташкил этилгандан буён ўтган қисқа вақт ичида кўплаб янги ижтимоий соҳа объектлари янгидан бунёд этилди. Хусусан, 5 та мактаблар, 10 та давлат мактабгача таълим муассасалари (қамров даражаси 16,4 фоиздан 63,4 фоизга етказилди (Маълумот учун 2020 йилда 3 та давлат МТТ бўлган бўлса, Хозирги кунда жами 64 та МТТ шундан 13 та давлат МТТ, 51 та оилавий МТТ), 3 та шифохоналар (Туман марказий шифохонаси, Юқумли касалликлар ва Туғруқ бўлими) қурилди. 101 км йўллар жорий таъмирланди, 45 км янгидан ичимлик суви тармоқлари тортилди, саноат, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланмоқда. Ўтган 9 ой давомида 14,4 мингдан ортиқ ишсизларнинг бандлиги таъминланди.

Бугунги кунда туманимизда ишсизлар сони 1,7 минг нафарни ташкил этиб, ишсизларнинг манзилли рўйхати, касби, мутахассислиги, ёши ва истаклари бўйича маълумотлар базасини шакллантирилди. Ҳисоб-китобларимга кўра йил якунига қадар ортиғи билан 1,9 минг нафар ишсизларнинг бандлигини таъминлаш имкониятимиз мавжуд.

Натижада олдинлари иш йўқлиги сабабли бошқа ҳудудларга иш излаб кўчиб кетган фуқароларимиз бугунги кунда қайтиб келишмоқда.

Жумладан, туманимиз қайта ташкил этилган 2020 йилда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш атиги 94 минг сўмни ташкил этган бўлса, бу кўрсатгич бугунги кунда

2 млн. 33 минг сўмни ташкил қилиб, қарийб 22 баробарга ошди.

Ҳозирда туманимизда 100 га яқин саноат корхоналари фаолият юритиб келаётган бўлиб, биргина жорий йилнинг ўтган даврида янгидан 24 та саноат корхоналари ташкил этилиб, уларга 180 млрд. сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.

Натижада, жорий йилнинг 9 ойида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш (165,9 млрд. сўм) ўтган йилнинг шу даврида режага нисбатан 144,6 % га ўсишга эришилди.

Мисол учун, туманимизда 52 млн. куб метрдан ортиқ керамзит, 2,4 млн. тоннадан ортиқ целестин, 1 млн. тоннадан ортиқ гипс ва бошқа қурилиш материаллари саноатида фойдаланиладиган ер ости қазилма бойликлари мавжуд.

Ушбу фойдали қазилма бойликларини ўзлаштириш учун инвесторларни жалб қилиш бўйича ҳам алоҳида ишлар олиб бормоқдамиз.

Мисол учун, биргина “Бандихон бирлашма” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 60 млрд. сўмлик “Керамзит ҳамда бентонид (металл бўлмаган минерал) маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига йилига 23 млрд. сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.

Бугунги кунда ушбу корхона томонидан лойиҳанинг 1-босқичида оддий тупроқдан йилига 60 минг куб метр керамзит маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Кластерлар нафақат пахта етиштириш ва йиғиб олишдан ташқари саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратишда ҳам катта ҳисса қўшиб келмоқда. Туманимизда фаолият кўрсатаётган “Бандихон-Агрокластер” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда умумий қиймати 21 млн. 400 минг АҚШ долларига тенг бўлган “Пахтани дастлабки қайта ишлаш ва тозалаш заводи” ҳамда “Табиий ва сунъий толадан ип-калава ишлаб чиқариш фабрикаси” ишга туширилиши натижасида 650 та доимий иш ўринлари яратилиб, 108 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланади.

Юқоридаги каби лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига жорий йил якуни билан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш режасига нисбатан 132,0 % га ўсишга эришилади.

Бандихон тумани ҳокими А.Алламурадов