|
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кўлами теран, аҳамияти юксак ислоҳотлар халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш, фуқаролар учун виждон эркинлиги ҳуқуқини тўлиқ кафолатлашнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар муборак Рамазон ойини бу йил ҳам яратилган қулайлик ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш ҳамда унга шукрона келтириш кайфиятида ўтказдилар.

Халқимиз учун эзгулик ва мурувват, руҳий покланиш ойи ҳисобланган ушбу қутлуғ кунларда уламолар, имом-хатиблар, муҳтарам фахрийлар, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари томонидан жойларда 20 мингдан зиёд маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилди. Айниқса, саховат тадбирлари доирасида 100 мингдан ортиқ кам таъминланган хонадонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга ижтимоий ёрдам ва кўмак кўрсатилди. Бу эса юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши ҳамда Рамазон ҳайити байрами шукуҳининг янада ошишига хизмат қилмоқда.

Муборак Рамазон ҳайити моҳиятида мужассам бўлган хайру саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, халқимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. Жорий йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2 май – душанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, мамлакатимизда 2022 йил 2 май куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги “2022 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ-35-сон Фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ПФ-131-сон фармони билан 2022 йил 3-4 май кунлари қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Рамазон ҳайити халқимизнинг

миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун муборак Рамазон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларини ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин.

3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М.Камилов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

      Президенти                                                         Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 

2022 йил 30 апрель

0 izox