Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланиб, инсон, унинг хаёти, эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият сифатида қаралади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, унга ғамхўрлик қилиш давлатимизнинг олий мақсади ҳисобланади. Фирибгарлик ўзгалар мулкини талон-торож қилишнинг ижтимоий ҳавфли қилмишлардан биридир. Албатта, бу турдаги ижтимоий муносабатлар жиноят қонуни билан муҳофаза қилинади.
Давлатнинг ваколатли органлари томонидан ўзгалар мулкини талон-торож қилиш жиноятларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли тадбирлар амалга оширилаётган бўлсада айрим шахслар томонидан бу тоифадаги жиноятлар содир этилмоқда. Бугун Бандихон туман ҳокимлиги катта мажлислар залида "Сайёр суд" бўлиб ўтди.
Фуқаро Т.Ж фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланган ижтимоий хавфи катта бўлмаган турдаги жиноятни қуйидаги ҳолатда қасддан содир этган.
Жумладан, Т.Ж алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан бойлик орттириш мақсадида Бандихон тумани "Бандихон" маҳалласида яшовчи фуқаро Н.Ф нинг ишончига кириб, унинг Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида жойлашган "Садриддин Айни" номидаги педагогика университетида сиртқи таълимда ўқиётганлигидан фойдаланиб, ўзининг ваколат доирасига кирмасада Ф.Н га ўқишини Термиз давлат университетига кўчириб беришга ваъда бериб, уни алдаб, бунинг эвазига ундан олдиндан 1.800 (бир минг саккиз юз) АҚШ доллари (1 АҚШ долларининг 28.10.2023 йилдаги ўзбек сўмида миллий банкдаги давлат курси 12.210 сўмни ташкил этиб, 1.800 АҚШ доллари ўзбек сўмда 21 миллион 978 минг сўмни ташкил этади) миқдоридаги пулларни 2022 йилнинг декабрь ойидан 2023 йилнинг февраль ойига қадар бўлган муддат давомида бўлиб-бўлиб ўзининг номига расмийлаштирилган банк пластик картасига ўтказиб олишга эришиб, ушбу пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборган.
Натижада фуқаровий даъвогар Ф.Н га жами 21.978.000 сўм миқдорида моддий зарар етказган.
Суд судланувчи Т.Ж нинг айби ўзига қўйилган айбловга иқрорлик билдириб берган кўрсатувидан ташқари, дастлабки тушунтириш хатлар, жабрланувчининг ва гувоҳларнинг тўғридан-тўғри берган кўрсатувлари ҳамда ишда тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.
Суд судланувчи Т.Ж га нисбатан жазо тури ва муддатини белгилашда, уни ўз айбига иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, оилавий ва моддий шароитини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, мазкур жиноятни ғаразли ва бошқа паст ниятларда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб баҳолайди.
Т.Ж Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.
Т.Ж Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан 2 (икки) йил озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланди.
Ҳукмдан норози тарафлар йигирма сутка ичида, судланувчилар ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида, мазкур суд орқали Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят ва протест билдириши таъкидланди.
Бандихон туман ҳокимлигининг МАТБУОТ ХИЗМАТИ
0 izox