|
Бандихонда оғир тоифадаги маҳаллалар ободонлаштирилади

Бандихонда оғир тоифадаги маҳаллалар ободонлаштирилади

Бандихон туманида 22 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, шундан 5 таси оғир ҳудудда жойлашган маҳаллалар сифатида танлаб олинган. Бугун туманнинг “Бандихон” маҳалласида жойлашган марказий спорт ўйингоҳда ушбу маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, кўмакка муҳтож аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектларида таъмирлаш ишларини олиб бориш бўйича тадбирларга старт берилди.

Тадбирда Бандихон тумани ҳокими Абдумалик Алламурадов, сектор раҳбарлари, ташкилот ва корхона раҳбарлари ва ҳашарчилар иштирок этишди.
Оғир ҳудуд сифатида танлаб олинган ушбу 5 та маҳалладаги белгиланган кўчаларда ва хонадонларда ҳашар йўли билан ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Тадбир давомида турар-жойларнинг фасад қисмларини бўяш, кўчаларни тозалаш, ички тупроқ йўлларни тошлаш, пиёдалар йўлагини қуриш шунингдек, кўмакка муҳтож, ижтимоий аҳволи оғир деб топилган оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилади. Бунинг учун вилоят ҳокимлиги томонидан қурилиш материаллари ажратиб берилган.

Бандихон тумани ҳокими маҳаллалар кўркамлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун шароитлар яратиш мақсадида энг оғир ҳудудлар танлаб олиниб, ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади. Масъулларга ишларни сифатли амалга бажариш, одамлар кайфиятига салбий таъсир қилувчи муаммоларни биринчи галда бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди. Ободонлаштириш ишларига старт бериш якунида, ҳашарчиларга бир пиёла чой ташкил этилиб, ош тарқатилди.

Бугуннинг ўзида танлаб олинган маҳаллаларда тупроқ йўлларни тошлаш, кўчаларни тозалаш, турар-жойларнинг фасад қисмини бўяш ҳамда уй-жойларни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Бандихон туман ҳокимлигининг МАТБУОТ ХИЗМАТИ
? https://t.me/Bandixonthaxborotxizmati 

0 izox