Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис сенатори Бахтигул Бўтаева, Туман ҳокимининг ўринбосарлари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, Мактаб директорлари, соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчилик иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 октябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қонуни асосида тасдиқланган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини ҳуқуқни қўлловчиларга тушунтириш, унинг ижросини таъминлаш каби устувор масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси сенатори Бахтигул Бўтаева, Туман ҳокимининг ўринбосари Умид Қулмаматов, Туман Давлат меҳнат ҳуқуқий инспектори Юсуф Мустафоқулов, Вилоят касаба уюшма бирлашмаси вакили Эркин Кенжаевлар янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг амалдагисидан фарқи ва афзалликлари ҳақида атрофлича тушунтириб ўтишди.
Қайд этиш лозим, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори меҳнат муносабатлари тизимида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлди. Соҳага институционал, ташкилий-ҳуқуқий, қонунчилик, норма ижодкорлиги ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.
Семинарда Меҳнат кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида 10 дан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциталари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилгани, Кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасида 1 йил давомида жуда чуқур таҳлил этилиб, маромга етказилгани қайд этилди.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ҳажми амалдагисига нисбатан деярли 3 баробар катта бўлиб, 600 га яқин моддани ўз ичига олган. Ҳужжатда бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилди.
Янги кодексдаги нормаларнинг тўғридан-тўғри ишлашида, ҳаётда самарали татбиқ этилишида меҳнат бозори иштирокчилари, ишчи-ходимлар, иш берувчилар, иш изловчилар ҳамда ваколатли ташкилот ва идоралар масъулларига Ҳужжатдаги моддаларнинг мазмун-моҳиятини содда, аниқ ва тўғри тушунтириш муҳим аҳамият касб этади.
Меҳнат бозорининг келажакдаги ривожи учун хизмат қиладиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мамлакатимизда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида мамлакатимиз меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди.
Мазкур кодекс истиқболда кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган аҳоли меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга имкон беради. Расмий ва норасмий тармоқда мавсумий иш билан банд бўлганларнинг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солишдаги бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этади. Меҳнат муносабатларида коррупция хавфи камайиб, “Ягона миллий меҳнат тизими” рақамлаштирилади.
Гендер тенглик, нейтраллик тамойиллари, имконияти чекланган шахслар, норезидентларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланади. Иш берувчиларнинг меҳнат бозоридаги янги меҳнат турларидан фойдаланиш имконияти яратилади, меҳнат шартномаси турлари кенгайтирилади ва норасмий тармоқларда ишловчиларни легаллаштиришга эришилади.
Мухтасар айтганда, ушбу ҳужжат мазкур соҳадаги қатор муаммоларни, меҳнат бозоридаги вазиятни инобатга олиб, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда, қонуний ҳал қилишда, ишлаган ишига, иш берувчи эса киритган сармоясига муносиб тарзда эътибор ва рағбатга эга бўлишини кафолатлайдиган муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Бандихон туман ҳокимининг Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ахборот хизмати раҳбари Маратбек Юнусов
0 izox