|
Бандихон туман ҳокими Абдумалик Абдуқодировичнинг “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан Бандихонликларга байрам табриги

Бандихон туман ҳокими Абдумалик Абдуқодировичнинг “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан Бандихонликларга байрам табриги

Баҳор - фасллар гулшани, уйғониш фасли. Бутун борлиқ, она табиат барқ уриб яшнайди, янгиланади. Тирик жонзот борки янги куннинг туғилишидан баҳра олади, завқланади.

Бу байрам барча халқларнинг дўстлик ва бирлик рамзига эга бўлган умумхалқ байрамидир.

 

Ассалому алайкум, қадрли тумандошлар!

Ҳурматли меҳмонлар !

Шу кунларда табиат уйғониб, қир адирлар ва қишлоқларимиз яшил либосга бурканган бир паллада бетакрор она юртимиз–Ўзбекистонимиз заминига барчамиз орзиқиб кутган Наврўзи олам ҳам кириб келди.

Мана шу мунаввар лаҳзаларда Наврўз байрами “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида барча қишлоқларимизда умумхалқ сайиллари тарзида ўтаётгани унга ўзгача файз ва шукуҳ бағишламоқда.
Эл-юртимиздаги азиз инсонлар бир-бирларини қутлаб, дала ва қирлар, боғ ва майдонларда Наврўз байрамини шоду хуррамлик билан нишонламоқдалар. Дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неъматларини тортиб, сайил-томошалар қилмоқдалар. Шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқда.

Азиз дўстлар!

Шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш “Наврўз”нинг юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани халқимизни кайфиятига янада хушкайфият қўшмоқда десак янглишмаган бўламиз.

Маълумки, азал-азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олийжаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъий назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланиб қолди.

Бугун дунёнинг турли бурчакларида уруш ва низолар пайдо бўлаётгани бутун инсониятда ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Ана шу паллада табиат олами билан уйғун ва муштарак бўлган, бу осуда ҳаётни қадрига етиб, шукроналик ҳисси билан яшаш кераклигини яна бир бор англаймиз.

Зотан, Наврўзи-оламнинг яна бир бетакрор ҳислати борки, у ҳар қайси уйда, ҳар қайси юртда, бутун ер юзида тинчлик ва осойишталик бўлишига даъват этади.

Бугун юртимизда, жумладан туманимизда муҳтарам юртбошимиз раҳнамоликларида олиб борилаётган турли соҳалардаги ислоҳотлар натижасида янгидан-янги бино ва иншоотлар, таълим масканлари фойдаланишга топширилмоқда.

Бу эса туманимизнинг чиройини очиб, “Наврўз” шодиёналарига том маънода ўзгача руҳ бағишламоқда.

Ўлкамизга кириб келган баҳор фасли энг аввало, заҳматкаш деҳқонларимизга куч-ғайрат ва кўтаринки кайфият бағишлайди. Шу боис ҳам янги мавсумнинг бошланиши бўлган ушбу кунларда баҳорнинг ҳар бир ғанимат онларини қадрига етиб, бебаҳо заминимизга меҳр қўйиб, унинг ҳар бир қаричидан оқилона фойдаланишимиз лозим. Ана шундагина жорий йилда олдимизга қўйилган улкан марраларга ёруғ юз билан эришамиз.

Азиз тумандошлар!

Халқимизда “Яхши инсон кўзидан, яхши йил Наврўзидан маълум”, деган гап бор. Баҳорнинг серфайз, хушҳаво ташрифидан кўриниб турибдики, бу йил халқимиз учун янада баракали, ҳосиятли йил бўлади.

Бугун фидойи деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-умид билан янги мавсумни бошламоқдалар. Барчамиз уларни чин дилдан табриклаб, йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, деб энг эзгу тилакларимизни билдирамиз.

Сўзим якунида Сиз, азизларни Наврўзи олам билан самимий муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, тилайман.

Ҳар бир хонадонга, бутун диёримизга тинчлик-омонлик, меҳр-оқибат, бахту саодат ёр бўлсин!

Доимо соғ, омон бўлингизлар!

Яна бир бор Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

0 comment